“Yandeks” компанияси делегацияси билан учрашув

27.02.2019

27-февраль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Россиянинг “Yandeks” компанияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О. Умаров компаниянинг ИТ саноати ҳамда замонавий интернет сервислар ва ечимлар ишланмалари соҳасидаги кўп йиллик иш тажрибасини алоҳида эътироф этди.

“Yandeks” компанияси вакиллари келгусида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув доирасида Ўзбекистон бозорида “Yandeks” нинг интернет сервисларини маҳаллийлаштириш, сервислардан яхшироқ фойдаланиш учун CДН-серверларни жойлаштириш йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама этилди.

Таълим ва малака ошириш соҳасидаги ҳамкорлик, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети билан ИТ соҳасидаги таълим дастурларини яратиш бўйича ҳамкорлик масалалари алоҳида кўриб чиқилди.

Музокаралар натижаларига кўра, 2019-2020 йилларда ҳамкорликни жадаллаштириш юзасидан “Йўл харитаси”ни яқин вақт ичида биргаликда ишлаб чиқиш келишиб олинди.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-28 07:08:30