Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технопарки ташкил этилмоқда

11.01.2019
Ахборот технологиялари соҳасини ва дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, ушбу соҳадаги стартап-лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ички ва ташқи бозорларда дастурий ва юқори технологияли маҳсулотлар ва хизматларни тарғиб қилишга кўмаклашиш мақсадида Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси асосида ҳамда ушбу мамлакатнинг етакчи консултантларини жалб қилган ҳолда, Тошкентда Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технопарки ташкил этилмоқда. 2019 йилнинг 10 январида Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори қабул қилинди.

Қуйидагилар Технопаркнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

Технопарк резидентларини ўз фаолиятини ривожлантириш учун зарур бўлган юқори технологик инфратузилма ва замонавий лабораториялар билан таъминлаш, уларга молиявий, маркетинг, ҳуқуқий ва бошқа консалтинг хизматлари, шунингдек, бизнес-акселератор хизматлари кўрсатиш;

ахборот технологиялари соҳасида янгидан иш бошлаган ва кичик корхоналарга стартап-лойиҳаларни амалга оширишда, инноватсия фаолияти натижаларини тижоратлаштиришда, жумладан, венчур молиялаштириш асосида кўмаклашиш;

етакчи компаниялар ва мутахассислар иштирокида ахборот технологиялари соҳасида маҳорат дарслари, тренинглар ва малака ошириш курслари, шунингдек, илмий-амалий конференциялар ва семинарлар ўтказиш.

Лойиҳанинг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ва Технопаркнинг келгусидаги фаолиятини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги муассислигида Дирекция ташкил этилмоқда.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-01-24 15:01:24