Махсус авария-тиклаш бошқармасида байрам тадбири ўтказилди

Махсус авария-тиклаш бошқармаси (15361-ҳарбий қисм)да 2019-йил 14-январ куни Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда 14-январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров, вазир ўринбосари Б.Олматов, Электромагнит мослашув маркази бошлиғи ўринбосари А.Ҳошимхўжаев ва бошқалар иштирок этишди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари О.Умаров ўз табрик сўзида ҳарбий хизматчиларни байрам муносабати билан самимий табриклаб, Президентимиз томонидан Қуролли Кучлар тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қўйилаётган вазифалар бўйича алоҳида тўхталиб ўтиб, бу борада барчага замон билан ҳамнафас бўлиш кераклигини таъкидлади.

Шундан сўнг тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Байрамда подполковник Х.Эшмаматов, сержант А.Каширский, кичик сержант Н.Шерматова “Ўз касбининг устаси”; подполковник А.Қўчқоров, подполковник К.Абдунабиев, капитан Д.Татешев фахрий ёрлиқ каби вазирлик миқёсидаги идоравий мукофотлар билан тақдирландилар. Шунингдек бошқарма бўйича ўтказилган “Илғор мутахассис”” танловида ғолиб бўлганларга диплом ва пул мукофотлари топширилди.

Тадбирнинг бадиий қисмида подполковник Комилжон Абдунабиев бошчилигидаги “Импулс” ансамбли жамоаси ўз куй-қўшиқлари билан барча байрам иштирокчиларига кўтаринки кайфият бағишлади.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-01-25 02:36:48