2018 йилда алоқа ва ахборотлаштириш соҳаси корхоналари 9744,1 млрд. сўмлик хизматлар кўрсатди

24.01.2019

Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасида кўрсатилган хизматларнинг ҳажми 9744,1 млрд. сўмга ($ 1,16 млрд.га яқин) тенг бўлди. Телекоммуникация хизматларининг улуши эса 84,5 % ни ташкил этди.

Энг юқори ўсиш суръатлари меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар (128,9 %), молиявий хизматлар (125,8 %), алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари (115,6 %).

Ахборот фаолияти билан шуғулланувчи ва алоқа хизматларини кўрсатувчи фаолият кўрсатаётган корхона ва ташкилотларнинг улуши 3,3 % га тенг бўлди. Кўрсатилган бозор хизматлари таркибида транспорт хизматлари (29,5 %), савдо хизматлари (26,9 %), молиявий хизматлар (14,4 %) ҳамда алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг улуши (6,6 %) устунликка эга.

Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш фуқаролик жамиятида ва бозор иқтисодиётида юз берадиган жараёнларга ижобий таъсир кўрсатиш учун зарурдир. Ҳаётнинг кўпгина соҳаларида АКТ жорий этилиши ва ривожланиши жамият, ҳокимият ва тадбиркорлик билан боғлиқ кўплаб ташқи ва ички жараёнларни соддалаштирадиган ҳамда тезлаштирадиган муҳим элемент ҳисобланади. 2018 йил январ-декабр ойларида алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг ҳажми 9744,1 млрд. сўмга тенг бўлди. Уларнинг ўсиши 15,6 % ни ташкил этди. Юқори ўсиш суръатлари Тошкент (128,5 %), Самарқанд (113,5 %), Бухоро (113,5 %), Сурхондарё (113,3 %), Қашқадарё (112,9 %) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (118,6 %) қайд этилди. Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан алоқа ва ахборотлаштириш хизматларининг унча юқори бўлмаган ўсиш суръати Қорақалпоғистон Республикаси (107,7 %) ва Сирдарё (107,9 %) вилоятида қайд этилди.

Алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажмида телекоммуникация хизматлари (симли ва мобил алоқа хизматлари, Интернет тармоғи, йўлдошли алоқа хизматлари ва бошқалар) катта қисмни эгаллаб, унинг улуши 84,5 % ни ташкил этади.

Ҳудудлар орасида телекоммуникация хизматларининг юқори ўсиши Тошкент вилояти (30,5 %) ва Тошкент шаҳрида (20,0 %) қайд этилди. Телекоммуникация хизматларининг унча юқори бўлмаган ўсиш суръатлари Қорақалпоғистон Республикаси (107,6 %) ва Сирдарё (107,8 %) вилоятида қайд этилди.

Ахборот-коммуникация технологиялари соҳасига инвестициялар жалб қилинишини кўпайтириш бутун дунёда рақамли ўзгаришни рағбатлантиради ва кўплаб одамларга АКТ хизматлари, хусусан, мобил алоқа хизматлари ва Интернет тармоғидан фойдаланиш имкониятини яратади. Бугунги кунда, мобил алоқа хизматларидан асосан аҳоли (жисмоний шахслар) фойдаланишади. Уларнинг улуши 97,5 % ни ташкил қилади. Мобил алоқа хизматларидан фойдаланишда юридик шахсларнинг улуши 2,5 % ни ташкил этади.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-08 05:17:01