АТ “Алоқабанк” филиаллари раҳбарлари учун ўқув семинари ташкил этилди

24.01.2019

2019 йил 22 январь куни АТ “Алоқабанк” филиаллари раҳбарлари учун “Ўзбекистон Республикаси молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш ва барқарорлигини ошириш, самарали банк бошқарувини ташкил қилиш” мавзусида бир ҳафталик ўқув семинари бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири, Банк Кенгаши раиси вазифасини бажарувчи             Ш. Садиков ўқув семинарини очиб берди.

Вазир ўз нутқида банкнинг ривожланиш стратегиясида белгилаб берилган устувор вазифалар, жумладан, банкнинг капиталлашув даражасини янада ошириш, активлар сифати, салмоғи ва даромадлилигини яхшилаш, мижозларга масофадан туриб замонавий банк хизматларини кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишлар тўғрисида сўз юритди.

Мазкур семинарда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Банк молия академияси, Тошкентдаги Вестминстер университети етакчи мутахассислари ҳамда Алоқа ва ахборотлаштириш соҳасининг раҳбар ходимлари ўз маърузалари билан иштирок этмоқдалар.

Ҳафталик ўқув семинари давомида иштирокчиларнинг замонавий банк иши бўйича хориж тажрибаси, банкларда мавжуд таваккалчиликларни, банк ликвидлилигини самарали бошқариш ва ресурс базасини мустаҳкамлаш, чакана банк хизматларини кўрсатишнинг замонавий услублари, банк фаолиятида замонавий маркетинг воситалари, сервис ва хизмат кўрсатиш этикаси, стресс ҳолатларига бардош бериш ҳамда низоларни бошқариш каби мавзулар бўйича маърузалар тинглашлари назарда тутилган.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-08 05:44:30