Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида China Volant Industry корпорацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди


26.01.2019

25 январ куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида «VOLINCO» корпорацияси вице-президенти Тен Чунхуэй хоним бошчилигидаги мазкур корпорация делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Б.Олматов хитойлик меҳмонларни қутлар экан, мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларининг жадал ривожланиб бораётгани, Ўзбекистонда бизнес ва ишбилармонлик муносабатларини юритиш учун зарур шароит ва имкониятлар яратилганини қайд этиб ўтди. Жумладан, “Хавфсиз шаҳар” аппарат-дастурий комплексини яратиш доирасида мамлакатимизнинг ушбу йўналишда келгусида ҳам ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Ўз навбатида,  «VOLINCO» корпорацияси вице-президенти Тен Чунхуэй хоним мазкур корпорациянинг “Хавфсиз шаҳар” аппарат-дастурий комплексини жорий этиш лойиҳаси доирасида Ўзбекистон томони билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Суҳбат давомида Хитой инвестицияларини жалб этган ҳолда, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида мазкур лойиҳани амалга ошириш юзасидан мавжуд вазият ҳамда истиқболдаги режалар муҳокама қилинди.

Томонлар учрашув конструктив ва самимий руҳда ўтганини таъкидлаб, икки томонлама ҳамкорлик юзасидан келгусида амалга ошириладиган ишларни муҳокама этишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-08 06:07:57