Вазир Тошкент ахборот технологиялари университетининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди

26.01.2019

26-январь куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Садиков Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари профессор-ўқитувчилари ва талабалари билан учрашди.

Вазир Ш.Садиков тадбир иштирокчилари олдида сўзга чиқди. У ўз нутқида 2019-йилда университет илмий салоҳиятини оширишнинг аҳамиятли масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Вазир университетда таълим ва илмнинг рақобатбардошлилигини ошириш диққат марказида турган масала эканини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, университет мунтазам равишда халқаро миқёсда ўз рақобатбардошлилигини ошириб бориши зарур.

Учрашув доирасида 2018-йилда университетнинг фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини ҳамда фан доктори (DSc) илмий даражасини олган профессор-ўқитувчиларга, уларнинг илмий раҳбарларига, илмий маслаҳатчиларига, шунингдек, “Scopus” ва “Web of science”  рўйхатидаги илмий журналларда ва ОАК рўйхатида келтирилган хориждаги нуфузли журналларда чоп этилган мақола учун муаллифларга бир марталик мукофот пуллари топширилди. Шунингдек, Ислом Каримов номидаги давлат стипенидияси, Абу Райҳон Беруний номидаги давлат стипендияси, Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Электроника, радиотехника илмий текшириш жамияти стипендияси совриндорларига гувоҳнома ва сертификатлар топширилди, шунингдек, университетнинг “Йил талабаси” мукофотланди.

2018-йил ҳисоби бўйича Мухаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг ҳудудий филиалларида 17 нафар ўқитувчи-ходимлар фалсафа доктори (PhD), 6 нафар ўқитувчи-ходим эса фан доктори (DSc) илмий даражасини олди.

Манба: Ахборот хизмати

 


Дата: 2019-02-08 06:18:52