АТ “Алоқабанк” UnionPay International халқаро тўлов тизимининг “Йил кашфиёти - 2018” мукофоти билан тақдирланди

30.01.2019

АТ “Алоқабанк” UnionPay International халқаро тўлов тизимининг “Йил кашфиёти - 2018” номинациясида ғолиб бўлди.

“Йил кашфиёти – 2018” мукофотининг тантанали тақдимот маросими шу йилнинг январ ойида банкнинг Бош офисида бўлиб ўтди. Тақдимот маросимида UnionPay International компаниясининг Ўрта Осиёдаги минтақавий раҳбари Чжанг Ченгдунг, АТ “Алоқабанк” Бошқаруви Раиси ўринбосари Н.И.Насретдинова ва ЯУПМ МЧЖ ҚК Бош директори ўринбосари Ф.Р.Нигматовлар иштирок этишди.

Ўтган йилнинг октябр ойида АТ “Алоқабанк” UnionPay International ва UzCard тўлов тизимлари билан ҳамкорликда контактсиз кобейдж карталарни миллий миқёсда муомалага чиқариш бўйича уникал лойиҳани амалга оширди. Бу картанинг энг асосий афзаллиги шундаки, ундан ҳам Ўзбекистонда, ҳам дунёнинг 170 та давлат ва минтақаларидаги UnionPay International халқаро тўлов тизимининг инфратузилмасида фойдаланиш мумкин. Бунда кобейдж карталаридан Ўзбекистон ҳудудида миллий валютадаги карта каби, чет элда эса тезкор конвертатсия эвазига хорижий валютада тўловлар ўтказиш ва банкоматдан нақд пул ечиш учун фойдаланиш мумкин.

Ҳозирги вақтда АТ “Алоқабанк” томонидан 30 мингга яқин контактсиз кобейдж пластик карталари муомалага чиқарилган бўлиб, шу қисқа вақт ичида улар бўйича дунёнинг 24 та давлатида транзакциялар муваффақиятли амалга оширилди.

АТ “Алоқабанк” мижозлари "AloqaMobile" мобил дастури орқали жорий йилнинг 31 январига қадар кобейдж карталари орқали “Янги йил туҳфаси” онлайн омонатини қулай шартларда расмийлаштиришлари мумкин.

АТ “Алоқабанк” томонидан жорий йилда кобейдж карталари орқали амалга ошириладиган хизмат турларини кенгайтириш режалаштирилган: интернет – дўконларда онлайн ҳарид, электрон халқаро пул ўтказмалари ва бошқалар.

Бундан ташқари, АТ “Алоқабанк” Ўзбекистонда рўйхатга олинган барча эмитент-банклар учун UnionPay кобейжи карталари бўйича амалга оширилган операциялар бўйича ҳисоб-китоб банки вазифасини бажаради.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-10 12:59:01