Тошкент шаҳридаги Инха университетида “Миллий статистика тизими: назария ва амалиёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди

2019 йилнинг 30 январь куни Тошкент шаҳридаги Инха университетида “Миллий статистика тизими: назария ва амалиёт” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирда, Давлат статистика қўмитаси, Кадрларни қайта тайёрлаш ва статистика тадқиқотлари маркази ходимлари, Тошкент шаҳридаги Инха университети ўқитувчилари ва талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Давра суҳбатида таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 31 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳа фаолиятини янги босқичга кўтариш, статистика ахборотларини йиғиш, тўплаш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда уларни Интернет тармоғи, оммавий ахборот воситалари ва маҳаллий телеканаллар орқали кенг тарқатишни янада такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.

Шунингдек, бугунги “Ахборот асри”да статистик ахборотларнинг эркинлиги, ошкоралигини таъминлаш, мамлакатимизнинг ривожланиш кўрсаткичларини халқаро статистик тўпламларда чоп этиш ҳамда турли йўналишдаги рейтингларда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шундан келиб чиқиб, халқаро статистик, иқтисодий ва молиявий ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқалари янада мустаҳкамланмоқда.

Давра суҳбати давомида Ўзбекистон Республикасининг халқаро рейтингларда холис ва тўғри баҳоланишини таъминлаш мақсадида, Давлат статистика қўмитаси томонидан халқаро ташкилотларнинг 23 саволномаси доимий равишда тўлдириб келинаётгани қайд этиб ўтилди. Ҳозирда қўмита Европа иқтисодий комиссияси, Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки ва бошқа бир қатор нуфузли халқаро ташкилотлар билан яқин алоқа ўрнатиб, статистика соҳасида самарали ҳамкорлик ишларини олиб бормоқда.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-10 13:46:13