Вазир Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги бош директорини қабул қилди

11.02.2019

11 февраль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиков Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги янги тайинланган бош директори Лю Сзясинни қабул қилди.

Вазир Ш. Садиков хитойлик меҳмонни қутлар экан, Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги кўп йиллик фаолияти ҳамда республикамизда телекоммуникация технологияларининг ривожланишида компаниянинг сезиларли ҳисса қўшишини эътироф этди.

Ўз навбатида, Huawei компаниясининг Ўзбекистондаги бош директори Лю Сзясин юқори технологиялар соҳасидаги устувор инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишда компаниянинг Ўзбекистон томони билан муносабатларни мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга тайёр эканини билдирди.

Суҳбат давомида Хитой инвестицияларини жалб қилган ҳолда, Ўзбекистонда АКТни ривожлантириш доирасида яқин истиқболда вазирлик ўз олдига қўйган устувор аҳамиятга молик масалалар кўриб чиқилди. Жумладан, “Хавфсиз шаҳар” инвестициявий лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар мазкур йўналишда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ва икки томонлама ҳамкорлик юзасидан келгусида амалга ошириладиган ишларни муҳокама этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-12 07:07:38