Ўзбекистонда DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan дастури бўлиб ўтади

18.02.2019
Мамлакатимизда жорий йилнинг март ойи бошида қизларнинг ҳар томонлама салоҳиятини ошириш ва уларни ахборот технологиялари соҳасига жалб этиш мақсадида DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan таълим дастури ўтказилади.

DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan дастурининг ташкилотчилари Microsoft компанияси ҳамда Тошкентдаги Инҳа Университетидир. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва Халқ таълими вазирлиги кўмагида ўтказилмоқда.

DigiGirlz  – Microsoft  компаниясининг лойиҳаси бўлиб, таълим, фан, технология, муҳандислик ва математика соҳасидаги инвестиция дастури ҳисобланади. Мазкур дастур ёш қизларга технология соҳасини ҳамда янги инновациялар билан танишиш имконини беради. Шунингдек, дастур ходимларни иқтисодиётнинг глобал муаммоларига тайёрлаш учун мўлжалланган.

Дастур Ўзбекистонда илк маротаба 2018 йилда ўтказилган эди. Жорий йилда ҳам Тошкентдаги Инҳа университети иштирокчиларни 2-, 3- ва 6-март кунлари қабул қилади.

DigiGirlz High Tech Camp Uzbekistan дастури ёш қизларга ахборот технологиялари тармоғи янги инновациялар билан танишиш имкониятини тақдим этади.

Таълим дастури икки қисмдан иборат. Биринчи қисмда иштирокчилар Миcрософт компанияси вакиллари ҳамда АКТ соҳаси мутахассисларининг маърузаларини тинглайди. Ушбу маърузалар қизларга ахборот технологиялари соҳасидан нималарни кутишни ва мазкур соҳада ишлаш орқали нималарга эришиш мумкинлигини тушунишга имкон беради.

Дастур 12-14 ёшдаги (кичик гуруҳ) ҳамда15-17 ёшдаги (катта гуруҳ) қизларга мўлжалланган. Ушбу лойиҳага қизиқишни билдирувчилар жорий йилнинг 23-февралигача  http://www.digigirlz.uz сайтида рўйхатдан ўтишлари мумкин. Жойлар сони чекланган.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-20 07:33:54