ТАТУнинг профессор-ўқитувчилари «Game Stream» компаниясига ташриф буюришди

20.02.2019

ТАТУнинг профессор-ўқитувчилари Белоруссия давлат информатика ва радиоэлектроника университетида стажировка жараёнларини бошлашган эди. 18-феврал куни ТАТУнинг профессор-ўқитувчилари Белоруссия давлат информатика ва радиоэлектроника университети ташаббуси билан «Game Stream» компаниясининг бош қароргоҳига ташриф буюришди.

Профессор-ўқитувчилар ташриф чоғида компания мутахассисларининг компьютер ўйинларини яратиш бўйича эришган асосий ютуқлари ва натижалари, шунингдек, компьютер ўйинларини яратиш бўйича олиб борилаётган илмий-амалий ишлар билан танишдилар. Компания мутахассисларининг тақдимот чоғида инновацион ғоялар, компьютер ўйинларини ривожлантириш методлари, ИТ-лойиҳаларни монетизация қилиш, дастурчилар билан ишлаш, шунингдек, ёш дастурчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди. Ташриф давомида «Game Stream» компаниясининг бош офисига экскурсия ташкил этилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, компания интеллектуал тизимлар ва дастурий таъминот воситаларини ишлаб чиқиш мақсадида 2005-йилда ташкил этилган бўлиб, Беларуссиянинг савдо-саноат палатаси таркибига киради. 2008-йилдан эса Беларуссия Республикаси Олий Технологиялар Паркининг резиденти ҳисобланади. «Game Stream» бир қанча кўзга кўринган дунёга машҳур компьютер ўйинлари билан таниқлидир. Ушбу компьютер ўйинларига энг кўп on-line ўйинчиларига эга бўлиб тўрт марта Гиннес рекордлар китобига кирган «WORLD OF TANKS»ни мисол қилсак бўлади. Бундан ташқари «Game Stream» компанияси интернет ҳамда интернет реклама, BigData ва бошқа соҳаларда кенг кўламли технологияларни жорий этиш билан шуғулланади.
Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-20 19:45:14