Ўзбекча

Авторизация Бизга ёзинг Сайт ҳаритаси

Логин:
Пароль:

Для просмотра необходим Adobe Flash Player версии 9 или выше.
Скачать Flash Player
Бош саҳифа  /  Матбуот маркази

Матбуот маркази

АКТ соҳасида билим ошириш давом этмоқда

27.07.2010

            
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 27 январдаги “Баркамол авлод йили Давлат дастури тўғрисида”ги қарорида белгиланган Иқтисодиётнинг барча соҳаларига ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, улардан ҳар бир ташкилот ва оилада фойдаланишни тарғиб қилиш, болалар, ўсмирлар ва ёшлар ўртасида АКТ соҳасида билимлар олишни рағбатлантириш” ҳамда “Аҳолининг ўқув юртлари компютер синфлари ва интернет тармоғидан жамоатчилик фойдаланиш пунктлари базасида ахборот технологиялари асосларига ўқитиш тизимини ташкил этиш, АКТ асосларига ўқитиш бўйича компакт дискларда ўқув мултимедиа тақдимот материаллари тайёрлаш ва тарқатиш” каби бандларининг бажарилишини таъминлаш борасида бир қатор тадбирлар амалга ошириляпти.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг юқори босқич иқтидорли талабаларидан ташкил этилган “Бунёдкор ёшлар” ўқув отрядлари томонидан республикамизнинг 200дан ортиқ туманларида ёшлар ҳамда давлат органлари ходимларини компютер саводхонлигига ўқитиш юзасидан олиб борилаётган ишлар шуларнинг бири.


— Айни кунда барча ишларимиз махсус режа асосида олиб бориляпти, — дейди ушбу лойиҳа учун масъул, ТАТУ Ўзбек-Ҳинд ахборот технологиялари маркази раҳбари Ўткир Ҳамдамов. — Республика бўйича ҳар бир туман, вилоят ва шаҳарлар марказида биттадан ўқув пункти ташкил етилган. Ҳар бир пунктга икки нафардан талаба ажратилган. Бу талабалар компютер синфи, 10тадан замонавий ахборот ва коммуникация технологиялари ҳамда интернет тизимини янада ривожлантириш, уларни ҳар бир оила ҳаётига жорий этиш ва кенг ўзлаштириш бўйича тренинг курслари қўлланмаси, ДВД-дискларга жойлаштирилган мултимедиалар билан таъминланган. Ўқув курслари 5 июлдан бошланди. Ҳар бир курс беш кундан бўлиб, жами 20 кун давом этади. Режа бўйича биринчи беш кунликда туман ёки шаҳар коллежларининг ўқувчи ва ўқитувчилари таълим олишган бўлса, иккинчи беш кунликда “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари ўқишди. Қолган икки беш кунликда “Маҳалла” хайрия жамғармаси ходимлари ҳамда ҳокимлик органлари ва соҳа корхоналари ходимлари компьютер бўйича билим-малакаларини оширишади.
Биз ўқув машғулотлари олиб борилаётган масканлардан бири — пойтахтимизнинг Миробод туманида жойлашган политехника касб-ҳунар коллежида бўлдик. Ушбу билим даргоҳидаги компютер саводхонлиги ўқув курсларини ТАТУнинг иқтидорли талабаларидан Ҳаётилла Раҳмонов ҳамда Виктор Спесивцевлар олиб боришяпти. Уларнинг тингловчилари эса ўша куни “Маҳалла” жамғармалари фаоллари экан. Уларнинг дарсларни тўлиқ ўзлаштиришга ҳаракат қилаётганлари юз-кўзларидаги диққат-эътибордан кўриниб турарди. Дарс тугагач, биз тингловчилар фикри билан қизиқдик.
— Мен Миробод туманидаги маҳаллалардан бирида маслаҳатчи бўлиб ишлайман, — деди Дилором Ҳакимова. — Ушбу курсларни ташкил етганларга раҳмат. Ўтилаётган дарслардан кўп нарсаларни билиб оляпман. Барча ёзув ишлари компютерлар орқали амалга оширилаётган ҳозирги даврда бу ўқув курслари айни муддао бўлди. Қолаверса, ТАТУ талабаларидан ҳам ғоят миннатдормиз. Улар бизнинг ҳар бир саволимизга эринмай жавоб бериб, кундалик иш фаолиятимизда керак бўладиган ҳар бир жараённи аниқ кўрсатиб беришяпти.


Ҳа, ТАТУ талабалари ўзларининг ёзги таътилларини ана шундай эл учун фойдали, зиммаларига юклатилган вазифани тўлиқ бажарган ҳолда ўтказмоқдалар, устозлари ишончини оқламоқдалар.


САМАРҚАНД:
Ахборот-коммуникация технологияларини ҳаётнинг барча соҳаларига жорий этиш бугунги куннинг долзарб талабларидан бири эканлиги барчага равшан.
Ўзбекистон алоқа ва ахборотлаштириш агентлигининг бевосита раҳбарлигида Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали иқтидорли талабаларидан бир гуруҳи вилоят аҳолиси ўртасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан амалда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш бўйича ўқув курслари олиб бормоқдалар.
Самарқанд вилоятининг шаҳар ва қишлоқларидаги 18та коллежда 36 нафар ТАТУ талабаси қатор академик лицей ва коллежлар ўқитувчилари ҳамда ўқувчиларига, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, «Келажак овози» ёшлар ташаббуслари маркази фаоллари, «Маҳалла» хайрия жамғармаси ходимлари ва фаоллари, маҳаллий ҳокимлик органлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари учун ўқув дарслари ўтишмоқда. Ўқув аудиторияларининг барчаси компьютерлар, принтерлар, видеопроектор ва экранлар, аудиоколонкалар билан жиҳозланган.
Бундан ташқари, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали иқтидорли талабаларидан 26 нафари Жиззах вилоятидаги 13та туман коллежларида, 24 нафар талаба Бухоро вилоятининг 12 туманида фуқаролар учун «Компьютер саводхонлиги»гидан ўқув машғулотлари олиб боришмоқда.
Замонавий ахборот-коммуникация ва интернет технологиялари дарслари шу йилнинг 30 июлига қадар давом этади.
Абдуғафур ҲОТАМОВ, “Хабар”нинг Самарқанд вилоятидаги мухбири


ФАРҒОНА:
ТАТУ Фарғона филиали талабаларидан таркиб топган “Бунёдкор ёшлар” гуруҳлари ёзги таътил чоғида Фарғона, Наманган, Андижон шаҳар ва туманларида бўлишиб, аҳолини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таништириш ва уларнинг компютер саводхонлигини ошириш бўйича тренинг ўқув курсларини ташкил етишга ўз ҳиссаларини қўшишмоқда.
Ушбу лойиҳа доирасида ҳар бир оиланинг ҳаётида замонавий ахборот ва компютер технологиялари, рақамли ҳамда кенг форматли телекоммуникация алоқа воситалари, интернет тизимини татбиқ этиш, ўзлаштириш ва янада ривожлантириш жараёнларига кўмаклашиш амалга оширилади.
“Менинг назаримда, — деди ёшларни эл хизматига кузатар экан филиал директори Р.Тешабойев, — сизлар амалга оширадиган иш “Бунёдкор ёшлар” атамаси моҳиятини янада очиб юборгандек бўлди. Чунки тренинг курсларида иштирок этиб, аҳолини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан таништириш ва уларнинг компютер саводхонлигини ошириш республикамиздаги улкан бунёдкорлик ҳаракатига ҳисса қўшиш, демакдир”.
Набижон СОЛИЕВ, ТАТУ Фарғона филиали доценти


НАВОИЙ:
Барчамиз ёзги таътил мавсумида талабалардан ташкил топган “Бунёдкор ёшлар” қурилиш отрядларини яхши биламиз. Талабалар отряди деса кўз ўнгимизга қурилиш майдонларида яратувчилик билан банд ёки қишлоқ хўжалик ишларини амалга оширадиган бунёдкор ёшлар гавдаланади. Бу йилги “Бунёдкор ёшлар” гуруҳининг миссияси бутунлай бошқача. Улар аҳолининг маънавий дунёсини бойитишни, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишни ўз олдига мақсад қилган янги йўналишдаги гуруҳ.
Ушбу ўқув отрядлари хайрли ният билан Навоий вилоятига ҳам ташриф буюрди. Ўқув тренинглари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида ўтказилмоқда.
Мазкур ўқув курсларида Тошкент ахборот технологиялари университетининг юқори босқич иқтидорли талабалари ўқув тренингларини замонавий интерфаол усулда, диск ҳамда ўқув қўлланмалари ёрдамида муваффақиятли амалга оширмоқдалар.
М.ҲОСИЛОВА


ҚАШҚАДАРЁ ва СУРХОНДАРЁ:
ТАТУнинг Қарши филиали талабаларидан ташкил топган “Бунёдкор ёшлар” отрядлари Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари марказлари ҳамда туманларида ўқув семинарларини олиб бормоқдалар.
— Жами 58 нафар “Бунёдкор ёшлар” отряди аъзоларининг 28 нафари вилоятимизда, 30 нафари Сурхондарё вилоятида ўқув семинар машғулотларини олиб бормоқдалар, — дейди филиал директорининг ўринбосари Муслим Муродов. – Аввало шуни таъкидлашим жоизки, бу машғулотларни олиб бориш учун ўқув дастурларини пухта ўзлаштирган талабалар танлаб олиниб, уларнинг дарс беришлари учун зарур шарт-шароитлар яратилган. Жойларда ташкил этиладиган ўқувлар олдидан танлаб олинган талабаларга филиалимиз профессор-ўқитувчилари, вилоят ҳокимлиги компютерлаштириш марказининг малакали мутахассислари семинарлар ўтишди.
Афтондил ИСМОИЛОВ, “Хабар”нинг Қашқадарё вилоятидаги мухбири

РАҚАМЛАРДА:
Талаба ёшлар отрядлари ёрдамида аҳолида ахборот-коммуникация технологияларидан амалда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш мақсадида республикамиз туман, вилоят ва шаҳар марказларидаги 200та касб-ҳунар коллежида ўқув аудиториялари ташкил этилди.
Ушбу аудиторияларда Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг жойлардаги филиалларида таълим олаётган 400 нафар иқтидорли талаба ҳамда 15 нафар гуруҳ раҳбари компютер саводхонлиги бўйича машғулотлар олиб боришяпти.
Устоз талабалар 400 нусхадаги ўқув қўлланмаси, 400та дискда тақдимот материаллари, УзМОТ миллий амалиёт тизими ва исофт.уз интерфаол ўргатувчи дастурий мажмуа асосида дарс ўтмоқдалар.


УзАСИ