Ҳозирги пайтда иқтисодиёт ва маркетингнинг аҳамияти ахборот технологияларини кенг жорий қилиш асосида ошиб бормоқда. Бу ҳолат фан, таълим ва ишлаб чиқариш фаолияти номоддий элементларининг устувор ривожлантирилишини шарт қилиб қўяди.
Бизнинг мамлакатимиз ҳам бундан мустасно эмас, ҳозирги вақтда республикамизда замонавий жамиятни ривожлантиришнинг асосий воситаси сифатида иқтисодиёт ва маркетингга катта эътибор қаратилмоқда.
Атамашунослик жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан, иқтисодиёт ва маркетинг соҳасида сезиларли аҳамият касб этади. Иқтисодиёт ва маркетинг бўйича ишлаб чиқилган русча-ўзбекча изоҳли луғат иқтисодиёт ва маркетинг соҳасидаги мавжуд атамаларни умумлаштиришга бўлган дастлабки уринишдир, шу сабабли, мукаммал деб бўлмайди. Луғат ҳозирги амалий ҳаётда, ишбилармонлик муҳитида қўлланиладиган иқтисодий, молиявий, маркетинг ва ҳуқуқий тушунчаларнинг изоҳини ичига олади. Маркетинг фаолияти мазмунининг тавсифига, маркетинг бошқаруви асосларига, харидор хулқ-атвори назариясининг психологик ва иқтисодий жиҳатларига катта эътибор берилган. Анъанавий сўзлар билан бир қаторда, муомалага сўнгги йилларда кирган янги сўзларнинг киритилиши луғатнинг фарқлаб турадиган хусусиятидир.