-----

Физиклар, химиклар, механиклар, материалшунослар, биологлар ва бошқа фан соҳалари мутахассисларининг кўп йиллик тадқиқотлари  нанотехнологияларнинг юзага келиши учун асос бўлганлиги сабабли, бугунги кунда «нанотехнология» атамасининг ўзи, илмий тадқиқотларнинг кенг соҳаси учун умумлаштирувчи ҳисобланади. Айнан шунинг учун  ҳам, луғат нанотехнологик атамалардан ташқари, нанотехнологияларга бевосита алоқаси бўлмаган қатор таърифларни ҳам ичига олади.
Нанотехнология бирмунча мустаҳкам ва енгил конструкцион материаллар ишлаб  чиқаришдан тортиб, наноструктураланган дориларни қон тизимига етказиш вақтини камайтиришгача, магнит ташувчилар сиғимини оширишга  ва тез ишлайдиган компьютерлар учун триггерлар яратишгача бўлган амалий соҳаларнинг катта ва  хилма-хил кўплигида фойдаланиш учун улкан потенциалга эга.
 Нанотехнологиялар бўйича русча-ўзбекча изоҳли луғат нанофан, нанотехнология ва наноиндустрия ривожланиши натижасида юзага келган янги атамаларни, шунингдек, ёндош фанлар: коллоид кимёси, супрамолекуляр кимё, биокимё, полимерлар ва сирт кимёсидан олинган тушунчаларни ичига олади. Луғатда нанообъектларни олиш методларига, уларнинг структурасини ва хоссаларини ўрганиш методларига, функционал имкониятларига, нанозарралар ва наноструктураланган плёнкаларнинг, бошқа наноўлчамли тизимларнинг қўлланиш соҳаларига тааллуқли бўлган атамалар катта ўрин эгаллайди. Луғатда, шунингдек яқинда синтезланган янги материаллар (фуллеренлар, углерод нанотрубкалар, метаматериаллар, квант нуқталар, фотон кристаллар ва бошқ.) тўғрисида  ҳам маълумотлар тақдим этилган. Луғат 800 га яқин атамани ичига олади. Албатта бу соҳага алоқаси бўлган яна кўплаб атамалар луғат таркибига кирмай қолди. Бу ҳолатни, шунингдек, нанотехнологиялар ва бошқа турдош фанлар жадал ривожланиб бориши билан, ўзаро қизиқиш уйғотадиган янги атамалар сони ошиб боришини ҳисобга олган ҳолда, луғатни янги атамалар ва тушунчалар билан тўлдириш ҳисобига кенгайтириш кўзда тутилади.