22.03.2019
Мамлакатимизда ахборот-коммуникация технологиялари изчил ривожланиб бормоқда. Бу, ўз навбатида, соҳанинг барқарор тараққий этиб бориши учун малакали мутахассисларга бўлган эҳтиёжни оширади. Жорий йилнинг 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ёшларга эътиборни кучайтириш, уларни ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Жумладан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига илғор халқаро тажрибалар асосида барча шаҳар ва туманлар марказларида Рақамли технологиялар ўқув марказларини ташкил этиш бўйича топшириқ берилди. Бу марказларда электрон тижорат ва дастурлаш бепул ўргатилади, ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик билан шуғулланиш бўйича инновацион кўникмалар берилади, “стартап” лойиҳаларга ёрдам кўрсатилади.
Ушбу ташаббус асосида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) томонидан Сирдарё вилоятининг барча туман ва шаҳарларида шундай марказлар ташкил этиш бўйича концепция ишлаб чиқилди.
22 март куни “Ўзбектелеком” Акциядорлик компанияси Сирдарё вилоят филиали Мирзаобод тумани телекоммуникация боғламаси маъмурий биносида “Рақамли технологиялар маркази” очилди.
Таъкидлаш зарурки, қисқа фурсатларда Вазирлик томонидан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида Рақамли технологиялар ва ИТ-тадбиркорлик ўқув марказини очиш бўйича ташкилий чоралар кўрилиб, Марказ замонавий компютерлар ва зарур жиҳозлар билан таъминланди. Ушбу Марказнинг мамлакатимиз бўйлаб Наврўз умумхалқ байрами тадбирлари давом этаётган пайтда очилиши Сирдарё вилояти ёшларига муносиб байрам туҳфаси бўлди.
Мирзаобод туманида жойлашган мазкур Марказ Сирдарё вилоятининг шаҳар ва туманларда очиладиган марказлар ҳамда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ва Ҳиндистоннинг илғор тажрибаси асосида ташкил этилаётган Технопарк ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини бажаради.
Марказда ёшларга ахборот технологиялари, дастурлаш, робототехника, киберспорт асослари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик йўналишида ўқув курслари ташкил этилади. Ушбу Марказда 3 та ёш тоифасида, яъни 9-15, 16-19 ҳамда 20-25 ёшдаги таълим олувчилар босқичма-босқич ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида малакали мутахассислар сифатида тайёрланади.
Қолаверса, Марказда ёшларни компьютер спортига (киберспортга) жалб қилиш, киберспорт қоидаларини ўргатиш, турли ўйинлар бўйича гуруҳларни шакллантириш, жамоавий ўйинлар амалиётини ташкил этиш, республика миқёсида мусобақалар ўтказиш ҳам кўзда тутилган.
“Рақамли технологиялар маркази”нинг очилиш маросимида давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Манба: Ахборот хизмати