Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида бўш иш ўринлари ярмаркалари бўлиб ўтмоқда

29.03.2019

Бугун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети (ТАТУ) ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ташаббуси билан бўш иш ўринлари ярмаркалари бўлиб ўтмоқда.

Меҳнат ярмаркасида соҳадаги 100 дан ортиқ корхона ва ташкилот, муассаса, давлат бошқаруви органлари ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан иштирок этмоқдалар.

Соҳа корхоналари томонидан 225 дан ортиқ бўш иш ўринлари ва давлат бошқаруви органлари ва хусусий тадбиркорлик корхоналари томонидан эса 1,2 мингдан ортиқ бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.

Айтиш жоизки, бутун жаҳонда кузаётилаётгани каби, юртимизда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассисларга эҳтиёж жуда юқори. Мазкур тенденция ахборот технологияларининг соҳаларга чуқур кириб бораётгани билан боғлиқ.

Меҳнат ярмаркаси бир вақтнинг ўзида ТАТУнинг Самарқанд ҳудудий бўлинмаси (Шоҳруҳ Мирзо кўчаси, 37а-уй), Фарғона ҳудудий бўлинмаси (Мустақиллик кўчаси, 185а-уй), Қарши ҳудудий бўлинмаси (Бешкент трассаси 3 км), Урганч ҳудудий бўлинмаси (Урганч шаҳри, Ал-хоразмий кўчаси, 110-уй) ҳамда Нукус ҳудудий бўлинмаси (Нукус шаҳри, А.Досназаров кўчаси, 74-уй) тегишли манзилларида бўлиб ўтмоқда.

Меҳнат ярмаркасига ташриф буюрган иштирокчиларга ишга кириш учун ўтказиладиган суҳбатга 2 мингдан ортиқ йўлланма тақдим қилинди.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-03-31 08:51:13