АКТ вазирлиги делегацияси Жанубий Кореянинг Инҳа университетига ташриф буюрди

10.04.2019

Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори вазифасини бажарувчи Музаффар Жалолов ва Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси директори Олим Омоновлардан иборат АКТ вазирлигининг делегацияси Жанубий Кореянинг Инҳа университетига ташриф буюриб, университет президенти жаноб Меонг Ву Чо билан учрашишди.

Суҳбат чоғида олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, янги йўналишлар очиш (жумладан, магистратура бўйича) масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ректори в.б. Музаффар Жалолов университет фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди. Хусусан, таълим сифатини доимий ошириб бориш, ўқитувчилар ва талабаларнинг индивидуал ва профессионал салоҳиятини юзага чиқариш учун шароит яратиш масалаларига тўхталиб, бу университетнинг Ўзбекистондаги олий таълим муассасалари орасида юқори мавқега эга бўлишини таъминлашига ишонч билдирди.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-04-11 21:03:08