Тошкент шаҳрида Амити университетини ташкил этиш тўғрисида
14.05.2019
14 май куни Алоқа тарихи музейида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ҳиндистоннинг Амити университети билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида ташкил этилаётган Амити университетининг таълим фаолиятига боғлиқ масалаларни муҳокамасига бағишланган матбуот анжуманини ўтказди.
Тадбирдан кўзланган мақсад – Университет фаолиятини ташкил этиш масалалари, қабул комиссияси иши жараёнлари ва мазкур олий таълим муассасасининг ўқув-таълим фаолияти билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш учун очиқ майдон ташкил этиш ва уни мустаҳкамлашдан иборат.
Матбуот анжумани ишида мазкур олий таълим муассасаси президенти Атул Чаухана бошчилигидаги Ҳиндистоннинг Амити университети вакиллари ва ушбу университетнинг бошқарув ва таълим бўлинмалари аъзолари иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 январдаги ПҚ-4097-сон “Тошкент шаҳрида Амити университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент шаҳридаги Амити университети 2019 йилнинг сентябрь ойидан ўқув йилини очади. Олий таълим муассасаси ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, компютер ва дастурий инжиниринг, сунъий интеллект ва менежмент соҳаларида мутахассислар тайёрлайди.
Амити университети (Ҳиндистон) Ҳиндистонда етакчи хусусий олий таълим муассасаси ҳисобланади ва унда 150 мингда зийод талабалар таҳсил олади. Таълим муассасасининг бош корпуси Ноида шаҳрида жойлашган бўлиб, унинг 11 та шаҳарда кампуслари мавжуд. Шунингдек, Нью-Йорк, Лондон, Дубай, Сингапур, Хитой, ЖАР ва жаҳоннинг бошқа шаҳарларида филиаллари фаолият юритади.
Матбуот анжумани иши давомида Тошкент шаҳридаги Амити университети қабул комиссияси фаолияти, ўқув жараёнларини ташкил этиш, шунингдек, Ўзбекистонда мазкур олий таълим муассасасини ташкил этиш фаолияти билан боғлиқ бошқа масалалар муҳокама қилинди.
Манба: Ахборот хизмати