14.06.2019
14-июнь куни Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда мазкур Академия қошидаги Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институти томонидан “Ёшлар ижод саройи”да “Ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш стратегияси: мавжуд вазият ва ривожлантириш истиқболлари” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Тадбирда 14 та давлатдан халқаро экспертлар, мамлакатимизда фаолият юритаётган дипломатик корпус вакиллари ҳамда TIKA, JICA, KOICA, сингари халқаро ташкилотлар, Япониянинг Нагоя университети мутахассислари, республикамиздаги турли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари иштирок этди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов иштирок этди ҳамда ёшларга замонавий ахборот технологияларини ўргатишнинг долзарб масалалари ва уларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида маъруза қилди.
Вазир ўз маърузасида бугунги кунда ривожланган мамлакатларда ахборот жамиятини шакллантириш мақсадида фуқароларни ёшлигидан технологияларни чуқур ўзлаштиришларига алоҳида эътибор қаратилиши, дастурлаш алоҳида касб эмаслиги, балки барча йўналишлардаги замонавий мутахассисларнинг тўлақонли шаклланишларига оид бир қатор долзарб масалаларни ўзида мужассамлаштирган, ҳар бир мутахассис билиши лозим бўлган фундаментал билимга айланиб бораётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчисида айнан ушбу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратилганини эътироф этди.
Анжуман доирасида дунё мамлакатлари тажрибасини инобатга олган ҳолда, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда лозим бўлган вазифалар, ёшларда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, шунингдек, уларнинг бандлигини таъминлаш, ёшлар ўртасида ИТ соҳасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Халқаро анжуман эртага, 15-июн куни ўз ишини давом эттиради.
Манба: Ахборот хизмати