Афғонистон коммуникациялар ва ахборот технологиялари вазири ўринбосари билан учрашув

18.07.2019

17-июль куни Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Қ.Юлдашев Афғонистон коммуникациялар ва ахборот технологиялари вазири ўринбосари Х.Хедояти билан учрашди.

Мулоқот чоғида томонлар ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорлик улкан салоҳиятга эга эканини қайд этдилар ва ўзаро манфаатли бўлган устувор йўналишларда шерикликни кенгайтириш истиқболлари юзасидан фикр алмашдилар.

Жумладан, томонлар икки мамлакат алоқа операторлари ўртасида телекоммуникация хизматларининг ўзаро ҳажмини ошириш масалаларини қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.

Ўзбекистондаги соҳа олий таълим муассасалари базасида кадрлар тайёрлаш ва ИТ-мутахассисларнинг малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунларига кўра, экспертлар даражасида музокараларни давом эттириш учун ҳамкорликдаги ишчи гуруҳини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.

Манба: Ахборот хизмати
 


Дата: 2019-07-19 16:59:53