24.07.2019
Бугун, 24-июль куни Ўзбекистондаги биринчи дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки – ИТ Паркнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олим Умаров, Ҳиндистон дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари парклари жамияти (STPI) директори жаноб Омкар Рай, ИТ Парк директори Фарҳод Ибрагимов ва бошқалар иштирок этди.
Тантанали кеча меҳмонлари ИТ Парк бўйлаб экскурсия давомида мамлакатда стартапларни ривожлантиришга қаратилган эко-муҳит ва инфратузилма билан танишди.
ИТ Паркнинг Қабул Ҳайъати томонидан танлаб олинган биринчи стартап лойиҳалар алоҳида эътибор марказида бўлди. Танловдан ўтган дастлабки 15 та стартаперлар орасида:
– Акселерация дастури бўйича лойиҳалар: Fastаgo – Игорь Ким; Document Scanner – Шухрат Захидов; Electronic Shelf Label – Музаффар Махкамов; Agromart – Акбар Бобохонов; Arzon Apteka – Даник Камилов; Meteostation – Владимир Алатарцев.
– Инкубация дастури бўйича лойиҳалар: Revisor – Исломали Нуралиев; Event – Шохруххон Умаров; Altmed – Махмуджон Содиков; Worklance – Бекзодхон Махкамов; Delivera – Азиз Курбонов; Spherra – Рустам Юлдашев; АйдаТуда – Владислав Вавилов; Patient Monitor – Мурод Ахунов; LockerPost – Рустам Асимов.
Тадбир давомида биринчи стартап лойиҳага Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов сертификат топширди.
Ташкилотчиларнинг сўзларига кўра, яқин келажакда ИТ Парк учун коворкинг маркази, ИТ академия, ИТ лаборатория ва ИТ меҳмонхонани ўз ичига олувчи учта янги бинони топшириш, шунингдек, бошқа ҳудудлардаги ёшлар ўз ғояларини рўёбга чиқариши учун енгиллик яратиш мақсадида мамлакатимиз минтақаларида ҳам ИТ Паркнинг филиалларини очиш режалаштирилган.
ИТ Парк бу – истиқболли стартап лойиҳаларини йўлга қўйиш ва уларни бозорга олиб чиқишга хизмат қиладиган, фан ва таълим муассасалари билан интеграциялашув орқали амалга оширишга мўлжалланган мажмуа бўлиб, у зарур бино, иншоот ва ускунларни ўз ичига олади. ИТ Парк фаол иқтидор эгаларини ҳуқуқий, бухгалтерия, маркетинг ва илмий-педагогик масалаларда қўллаб-қувватлаш орқали ўз бизнес лойиҳаларини чинакам бизнесга айлантириш учун барча имконият берадиган маскандир.
Манба: Ахборот хизмати