Ахборот тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича парламент эшитуви

13.09.2019
2019 йил 12 сентябр куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциялари депутатларидан иборат Демократик кучлар блоки ташаббуси билан “Ахборот тарқатиш соҳасидаги қонунчиликни янада такомиллаштириш” мавзусида парламент эшитуви бўлиб ўтди.

Мажлис кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва бир қатор вазирликлар раҳбарларининг ахборотлари тингланди.

— Интернет тармоғидаги ахборотдан самарали ва мақсадли фойдаланишни шакллантириш учун биринчи навбатда ундан фойдаланиш маданиятини юксалтириш ҳамда хавфсиз интернет муҳитини шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Интернет тармоғининг миллий сегментини янада бойитиш, аҳолининг ахборотга эга бўлган эҳтирожларини қондириш, ёшларимиз тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи хорижий ахборот ресурслардан ҳимоя қилиш борасида миллий маънавий ва тарбиявий ахборот ресурсларини ишлаб чиқиш ишларини янада самарали олиб боришимиз керак, — деди АКТ вазири Ш.Содиқов ўз ахборотида.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ахборотни тарқатиш соҳасини ривожлантириш ва унинг хавфсизлигини таъминлаш йўналишини тартибга солувчи 20дан ортиқ қонунларда конституциявий тамойиллар (сўз эркинлиги, ахборотдан фойдаланиш эркинлиги, шахсий маълумотлар ҳимояланиши ва бошқалар) ўз ифодасини топган.

Парламент эшитувида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов интернет тармоғида миллий контентни ривожлантириш, ахборот тарқатишда ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва телекоммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш, қонун ҳужжатлари лойиҳаларини аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан муҳокама қилиш, телерадиоэшиттиришлар ва даврий нашрларни тарқатиш йўналишларда вазирлик томонидан амалга оширилган ва оширилаётган ишлар, келгусидаги асосий вазифаларга батафсил тўхталди. Шунингдек, вазир Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг саволларига атрофлича жавоб берди.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-10-08 15:11:09