Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси билан учрашув

27.09.2019

2019-йилнинг 27-сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида Вазир Ш. Содиқовнинг Япониянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Ёшинори Фужиямани билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашув давомида Вазир Элчини Ўзбекистонга Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлангани муносабати билан табриклади ҳамда юксак ва масъулиятли ишида муваффақият тилади.

Япониянинг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ёшинори Фужиямани Ўзбекистонда ахборот технологиялари соҳаси ривожига қаратилаётган катта эътибор ва интилишни алоҳида таъкидлади. Шунингдек, у икки мамлакатни бирлаштириб турувчи омилларни санаркан, Ўзбекистон бозорига қизиқиш тобора ортиб бораётганини қайд этди.

Учрашув чоғида ахборот технологиялари, технопарклар ва инноватсия марказларини ривожлантириш ҳамда бошқариш, ИТ-таълим ва телетиббиётнинг энг янги технологияларини жорий этиш масалаларининг жорий ҳолати ва келгусидаги ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳаракатлар режаси бўйича фикр алмашилди.

Томонлар ахборот технологиялари соҳасида Ўзбекистон ва Япония ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича улкан салоҳият мавжудлиги ҳамда бу борада барча саъй-ҳаракатларни сафарбар этишга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув давомида икки томонлама манфаатли истиқболли йўналишлар, жумладан, АКТ масалаларида тажриба алмашиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-10-09 15:32:06