Фахр ва ифтихоримсан она тилим!

«Давлат тили тўғрисида» ги Қонун 1989 йилнинг 21 октябрь куни қабул қилинган ва ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган. Республикамизда 2020-йил 10-апрель куни “Ўзбек тили байрами куни” эълон қилиниб, қонун билан белгилаб қўйилди.

Жорий йилнинг 26-октябрь куни “UNICON.UZ” давлат унитар корхонасида “Давлат тили ҳақида”ги қонуни қабул қилинганининг 31 йиллигига бағишланган кичик тадбир бўлиб ўтди. Давра суҳбати шаклида ўтказилган тадбирни “UNICON.UZ” директор ўринбосари Нажбиддинов Сувон Ўринович очиб бердилар. Суҳбатда филология фанлари доктори, адабиётшунос олим Бибиробия Ражабова ҳамда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли шоир Шодмонқул Саломлар қатнашишди.

Давра суҳбати сермазмун ва кўтаринки руҳда ўтди. Хусусан, олимамиз Бибиробия Ражабова ўзбек тилининг келиб чиқиш тарихи ҳақида тўхталиб, Навоий даврида Мовароуннаҳр ва Хуросонда яшаган туркий аҳолининг саводхонлик даражаси ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотлар келтирдилар. Тилнинг эгаси бутун халқ эканлиги, унинг софлигини сақлашда фақат масъул идора вакиллари, мутахассислар эмас, балки ҳар биримиз бевосита масъулиятли эканимизни унутмаслигимиз жоизлигини таъкидладилар. Ота-она, ака-ука, опа-сингил, умуман, катталарнинг болалар олдида ўзбек адабий тилида чиройли, мазмунли гапириши уларга ижобий таъсир этиши ҳақида қизиқарли мисоллар келтирдилар.

Шоир Шодмонқул Салом томонидан бугун тилдаги энг катта муаммо – сўзлашув тилининг ғариблашуви, унда ўзга тиллар қоришиқларининг кўплаб ишлатилиши каби долзарб масалалар кўтарилди. Тилимизда бошқа тилларни аралаштириб сўзлашга чек қўйишнинг ўзаги бешикдан – алладан бошланишини чиройли ҳикоя кўринишида тушунтирилди.

Тадбир сўнггида шоир томонидан ватанга, она тилимизга бўлган муҳаббат руҳидаги гўзал шеър ўқилди.

Ватан, меҳрингни узма, меҳрингдан тўймагунча,

Кимлигинг билмас эдим, фарзандни суймагунча.

“Она тупроқ” дейишни бир оқшомда ўргандим,

Бунча азиз эмасдинг, онамни қўймагунча.

Кун сайин томирларим ботиб боргувчи бўстон,

Шундай бино бўлгандир она юрт — Ўзбекистон!


Дата: 2020-10-27 10:08:10