2022 йил 9 февраль куни «UNICON.UZ» буюк ўзбек маърифатпарвар шоири Алишер Навоий таваллудининг 581-йиллигига бағишланган адабий учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда «UNICON.UZ» ДУК ходимлари, таклиф қилинган меҳмонлар ва ОАВ вакиллари иштирок этишди.
«UNICON.UZ» ДУК директори ўринбосари Сувон Нажбиддинов шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақидаги кириш сўзи билан тадбирни очиб берди.
Филология фанлари номзоди, Ўзбекистон Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги Давлат адабиёт музейининг катта илмий ходими Юсуф Турсунов шоирнинг ижоди ҳақида сўзлаб берди.
- Алишер Навоий ижоди ҳам ёшлар, ҳам ёши катта авлод учун ҳам жуда аҳамиятлидир. Энг аввало ўзимизнинг тарихимизни билиш, Ватанни қадрлаш, севиш ва ҳимоя қилиш керак, - деб таъкидлади Юсуф Турсунов.
Ўз навбатида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган артист Зухра Ашурова буюк маърифатпарвар шоир ижодида инсонни ўйлантирадиган кўплаб саволларга атрофлича жавоб берилганлигини таъкидлади.
«UNICON.UZ» ДУК илмий маслаҳатчиси, техника фанлари доктори, профессор Мухсин Мухитдинов, 1970-йилларнинг бошига тўғри келган ўзининг талабалик йилларини эслаб, қизиқарли адабий учрашувлар ҳақида ҳикоя қилиб берди. Бу учрашувлар техника олий ўқув юртлари талабаларига гўзал шеърият оламига кириш, улуғ шоирнинг Ватанимизга, анъаналаримизга, ўзбек заминида яшаган, ижод қилган, яратган инсонларга нисбатан чуқур ҳурмат туйғуси билан суғорилган ижоди билан яқиндан танишиш имконини берган.
«UNICON.UZ» ходимлари шоирнинг она Ватанга, табиатга, одамларга қаратилган муҳаббати ҳақидаги ғазалларидан намуналар ўқиб бердилар. Шунингдек уларга буюк мутафаккир шоирнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида ҳикоя қилиб берувчи видеоролик намойиш этилди.
- Улуғ ўзбек шоири Алишер Навоий – инсонпарвар, мутафаккир, ўзбек мумтоз адабиёти ва ўзбек адабий тилининг асосчиси, созанда, давлат арбоби бўлиб, у ўзидан бой адабий мерос қолдирди. Унинг номи ўз даври тараққиётининг рамзи ҳисобланади, - дейди «UNICON.UZ» ДУК директори Махсум Махмудов.
Учрашувнинг барча меҳмонларига совғаларнинг тақдим этилиши ушбу тадбирнинг муносиб якуни бўлди.