Вазир Жиззах вилоятида АКТ ривожи билан танишди

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиков ҳудудларда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ўрганиш мақсадида Жиззах вилоятида бўлди.

Жумладан, у, Дўстлик тумани телекоммуникация боғламаси ва почта алоқаси бўлими фаолияти билан яқиндан танишди, тумандаги Манас қишлоғида замонавий ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилганлиги ҳолатини ўрганди. Шунингдек, Ғаллаорол тумани телекоммуникация боғламаси ва почта алоқаси бўлими, Жиззах вилояти почта филиали, Жиззах вилояти электромагнит мослашув хизмати, Жиззах радиотелевидение узатиш станцияси, Вазирликнинг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармасида бўлиб, у ерда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини билан қизиқди.

Вазир Ш. Садиков учрашувлар давомида, энг аввало, ходимларга муносиб иш шароитларини яратиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Вазир, ўз сафари доирасида Вазирлик иштирокида Жиззах эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган Оптик тармоқларни қуриш учун пассив қурилмалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган ““ZTT Telecom” МЧЖ Қўшма корхонаси, Телекоммуникация қурилмалари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Broadband Solutions” МЧЖ Қўшма корхонаси ҳамда видео ва ИП-телефон аппаратлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Smart Vision” МЧЖ Қўшма корхонаси фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.

Вазир ҳудудларда изчил равишда ўтказиб борилаётган ўрганишлардан соҳа корхона ва ташкилотлари ўзларига тўғри хулоса чиқариб, жойларда ижобий ўзгаришлар бошланганини алоҳида эътироф этди. Айни пайтда, тизимдаги корхона ва ташкилотлар, уларнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ижро интизоми назоратини янада сифатли ва самарали ташкил қилиш, соҳа корхона ва ташкилотлари томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифати ва ҳажмини ошириш, даромадларни кўпайтириш ҳамда уларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Садиков узоқ йиллар давомида соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимларини Вазирликнинг ташаккурномаси тақдирлади ҳамда қимматбаҳо совғалар топширди.

Манба: Ахборот хизмати


Дата: 2019-02-10 16:40:37